Саудия Арабистони футбол федерацияси (CAFF) функционер атрофида давом этаётган можароларга қарамай, ФИФА президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
«Саудия Арабистони футбол федерацияси директорлар кенгаши бугун, 2026 йил 27 август, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда ФИФА президенти Жанни Инфантино ва бош котиб Маттиас Графстрём томонидан эълон қилинган қўшма баёнотни олқишлади. Унда йўл қўйилган хато тан олингани, FIFA Forward Enterprise лойиҳаси бўйича таклифни кўриб чиқишдан воз кечилгани ҳамда ушбу таклиф билан боғлиқ тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш мажбурияти қайд этилган.
Кенгаш юз берган воқеадан тегишли хулосалар чиқариш, тартиб-таомиллар ва коммуникация механизмларини такомиллаштириш, бошқарув тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда келажакдаги муаммоларни бирдамлик ва шаффофлик руҳида ҳал этиш борасидаги мажбуриятларни юқори баҳолади. Ушбу мажбуриятларни амалга ошириш, айниқса футбол тизими ичида қарашлар турлича бўлган шароитда, ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим асоси экани таъкидланди.
Кенгаш футболни янада ривожлантириш халқаро тизимнинг бирдамлиги ва турли томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини талаб қилишини таъкидлади. Шу муносабат билан ФИФА, қитъавий ва миллий федерациялар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтиришга чақирилди. Бунда футбол, футболчилар ва мухлислар манфаатларини биринчи ўринга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Саудия Арабистони футбол федерацияси миллий федерация ва Осиё футбол конфедерацияси аъзоси сифатида ўз президенти шайх Салмон Ал Халифанинг Осиё футболи манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини юқори баҳолайди ва қитъавий федерация билан самарали ҳамкорликни давом эттиришини тасдиқлайди. CAFF халқаро футбол оиласида мулоқот, консенсус ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Шу нуқтаи назардан, CAFF директорлар кенгаши ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг қарийб 10 йил давомида футбол оиласи бирдамлигини мустаҳкамлаш, спортни янада ривожлантириш ва унинг оммавийлигини ошириш борасидаги доимий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини ва юксак қадрлашини яна бир бор билдирди. Глобал даражадаги ҳамкорлик барча томонлар, футболчилар ва дунё бўйлаб мухлислар манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, кенгаш сўнгги учта Жаҳон чемпионатида эришилган салмоқли ютуқларни алоҳида қайд этди», — дейилади CAFF расмий сайтида.
Аввалроқ Инфантино ФИФАнинг асосий эркаклар ва аёллар мусобақаларини назорат қилиши керак бўлган FIFA Forward Enterprise компаниясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Федерация ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳани амалга ошириш тахминан 4,2 миллиард доллар миқдорида маблағ оқимини таъминлаши, шунингдек, ФИФАга аъзо ассоциациялар даромадларини ошириш ва жаҳон миқёсида футболни ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин эди.
Бироқ ушбу таклиф футбол конфедерациялари ва ташкилотларининг бир қатор кескин танқидларига сабаб бўлди. УЕФА, КОНКАКАФ, ОФК ва КОНМЕБОЛ ташаббусни қўллаб-қувватлашдан воз кечди. Бундан ташқари, УЕФА мазкур концепциядан расман воз кечилмагунча, ФИФА ҳомийлигидаги мусобақаларни бойкот қилиш ниятида эканини маълум қилди.













