«Арсенал» 26 ёшли вингер Райсс Нельсон клубни тарк этганини маълум қилди. Лондон клуби ва унинг академияси тарбияланувчиси ўзаро келишув асосида шартномани бекор қилди.
Нельсон фаолиятининг катта қисмини «Арсенал» тизимида ўтказди. У 2016 йил декабрида клуб билан илк профессионал шартномасини имзолаган, 2017 йил августида эса Англия Суперкубоги доирасида «Челси»га қарши ўйинда асосий жамоа сафида дебют қилган.
Кейинчалик англиялик футболчи ижара асосида «Ҳоффенҳайм», «Фейеноорд», «Фулҳэм» ва «Брентфорд» клубларида тўп сурди. Ўтган мавсумни Нельсон «Брентфорд»да ўтказиб, барча мусобақаларда 13 та учрашувда майдонга тушди ва шуларнинг учтасини асосий таркибда бошлади. У соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли мавсумнинг айрим ўйинларини ўтказиб юборди.
Нельсон «Арсенал» сафида жами 90 та учрашувда иштирок этиб, 8 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчи фаолиятини «Вест Ҳэм»да давом эттириши мумкин.













