«Штутгарт» Германия Бундеслигасининг 2-туридан ўрин олган учрашувда ўз майдонида «Кёльн»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Баҳс 4 сентябрь куни Штутгартдаги «МХП Арена» стадионида бўлиб ўтди.
Мезбонлар сафида Билал Эль-Ханнус, Гриша Прёмель ва Эрмедин Демирович гол уришди. «Кёльн»нинг ягона жавоб голини эса иккинчи бўлим охирида Мариус Бюльтер киритди.
Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда Жоша Вагноман яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, якуний ҳисобни ўрнатди — 4:1.
Ушбу ғалабадан сўнг «Штутгарт» 3 очко билан Бундеслига турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибди. Худди шунча очкога эга «Кёльн» эса қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолиб, 8-поғонадан жой олган.
Германия чемпионатининг 3-турида «Штутгарт» сафарда «Хоффенхайм»га қарши майдонга тушади. «Кёльн» эса ўз уйида «Вердер»ни қабул қилади. Ҳар икки учрашув 12 сентябрь куни бўлиб ўтади.













