Франция футбол федерацияси (ФФФ) раҳбари Филипп Диалло Халқаро футбол асоциациялари федерацияси (ФИФА)нинг янги президенти сайловида иштирок этиш нияти борлигини маълум қилди. Аввалроқ ташкилот амалдаги раҳбар Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашдан воз кечган эди.
«Биз ижроия қўмита аъзолари билан биргаликда Жанни Инфантинога билдирилган ишонч йўқолган, деб ҳисоблаймиз. Ҳозир футбол бошқарилаётган усул бизнинг тасаввурларимизга мос келмайди.
Биз УЕФА доирасидаги муҳокамаларга одамларни бирлаштира оладиган, қонуний ва ишончли лойиҳа орқали ўз ҳиссамизни қўшиш учун бир қатор маслаҳатлашувларни бошлашга қарор қилдик. Керакли вақт келганда манфаатларимизни кейинги сайловларда ҳимоя қиладиган номзод аниқланади», — дея Диаллонинг сўзларини Footmercato келтирди.
Федерация спорт бошқаруви соҳасида Франция ва бошқа мамлакатлар мутахассислари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, муқобил ҳаракат дастурини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. ФФФ Инфантнонинг қайта сайланишига қарши чиқадиган номзод атрофида тарафдорларни бирлаштириш ниятида.
Маслаҳатлашувлар иштирокчиларидан бири ФИФА раҳбари танқид қилинганидан сўнг шу ёзда ташкилотдан ишдан бўшатилган Кевин Ламур бўлади.
Қўллаб-қувватлашни қайтариб олиш қарори Инфантинонинг 2026 йил ёзида илгари сурган ташаббуси билан боғлиқ. У FIFA Forward Enterprise тижорий тузилмасини ташкил этиш ва унинг акцияларининг 20 фоизгача қисмини хусусий инвесторларга беришни таклиф қилган эди. Бундай ҳолатда инвесторлар жаҳон чемпионатларининг тижорий ҳуқуқлари устидан назоратга эга бўлишлари мумкин эди.
Ушбу ғояни УЕФА, КОНКАКАФ, ОФК ва КОНМЕБОЛ рад этди. Қаттиқ танқидлардан сўнг ФИФА президенти мазкур лойиҳадан воз кечди.
Ташкилот президенти сайлови 2027 йил 18 март куни бўлиб ўтади.













