Германия Бундеслигасида 2026/2027 йилги мавсумнинг биринчи мураббий истеъфоси амалга ошди. Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби Ойген Полански жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этганини расман маълум қилди.
Полански «Фрайбург»га қарши сафар учрашувида 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейинги куни лавозимидан озод этилди. Айни пайтда «жеребяталар» Бундеслига турнир жадвалида сўнгги ўринда бормоқда — жамоа ҳисобида бирорта ҳам очко йўқ.
Ойген Полански «Боруссия» бош мураббийи этиб ўтган йилнинг ноябрь ойида тайинланган эди. Унга қадар Полански жамоа бош мураббийи вазифасини вақтинча бажарган. Бундан олдин эса клубнинг ёшлар ва ўсмирлар жамоаларида мураббийлик қилган.
Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си навбатдаги учрашувини 19 сентябрь куни ўз майдонида «Майнц»га қарши ўтказади.













