Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Испания Ла Лигасининг 6-турида «Эльче»га қарши учрашувдан сўнг футболчиларини нимада айблаганини айтди.
«Қироллик клуби» баҳсда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув давомида мадридликлар икки голлик устунликни бой беришди, аммо 90+1-дақиқада урилган гол эвазига ғалабани илиб кетишди.
«Биз ўзимизни айблашимиз мумкин бўлган ягона жиҳат — ғалаба масаласини ҳал қилиш учун имкониятимиз бўлганида, ўйин тақдирини олдиндан ҳал қила олмаётганимиз. Мен бу ҳақда футболчиларга айтдим.
Биз 3:0 ёки 4:0 ҳисобида олдинда боришимиз мумкин эди. Очколарни яна бой бериш хавфига тушишимиз учун мутлақо ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Бизда кўплаб вазиятлар бўлди, аммо «Эльче»нинг ўйинга қайтишига имкон бердик», — деди Моуриньо.
Мураббийнинг сўзларини журналист ва инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида келтирди.
«Реал» Ла Лиганинг олтита туридан кейин 15 очко жамғарган ва 2-ўринда бормоқда. «Эльче» эса 2 очко билан 20-поғонани эгаллаб турибди.













