«Брентфорд» бош мураббийи Кит Эндрюс ҳакамларга ёрдам берувчи видеотизим — VAR ўйинларда қарор қабул қилишларига халақит бераётганини таъкидлади.
Сешанба куни «Брентфорд» Англия Лига кубогининг 3-босқичида «Ридинг»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи бўлимда ҳакам Том Нилд «Ридинг» ҳимоячиси Пауди О'Коннорнинг қайчи усулида урган голини рақиб футболчисининг юзига оёғи билан зарба бергани сабабли бекор қилди. «Ридинг» бош мураббийи Лим Ричардсон бу қарорни фаолияти давомида кўрган «энг катта учта хатодан бири бўлиши мумкин», деб айтди. Лига кубогининг ушбу босқичида VAR тизимидан фойдаланилмайди.
«Барчамизга маълумки, ҳакамлар учун оғир ҳафта бўлди. Менимча, уларга шунчаки ҳакамлик қилиш, инсон бўлиб қолиш ва қарорларни ўзлари қабул қилишларига имкон бериш керак.
Футболчи бўлганимда, ҳар доим ҳакам билан муносабатлар ҳурмат ва бир-биримиз билан маълум тарзда мулоқот қилиш имкониятига асосланганини ҳис қилардим. Биз уларга ҳакамлик қилиш ва хато қилиш имконини беришни тўхтатдик. Бу жуда ачинарли», — дея Эндрюснинг сўзларини BBC келтирди.
Аввалроқ Англия футболида ҳакамлар фаолиятига масъул Pro Ref ташкилоти «Манчестер Юнайтед» — «Манчестер Сити» (0:1) учрашувида Эрлинг Холанднинг ғалаба голига олиб келган вазиятда VAR тизими хато қилганини тан олганди.













