«Барселона» вингери Ламин Ямал «Бавария» иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш унчалик қизиқ эмаслигини тан олди. Бироқ 19 ёшли футболчининг бу фикри аслида мюнхенликларга нисбатан мақтов сифатида янграйди. Чунки унинг назарида «Бавария» аксарият учрашувларда рақибларидан шу қадар устун бўладики, баҳсларда интрига деярли қолмайди.
«Ростдан ҳам «Бавария» ўйинларини томоша қилишни ёқтирмайман. Улар ўз чемпионатида барибир устунлик қилишини олдиндан биламан. Бу тушунарли. Ҳатто Чемпионлар лигасининг умумий босқичида ҳам одатда «Бавария» ўйинларини кўрмайман, чунки улар рақибларидан жуда яққол устун бўлади, деган таассурот пайдо бўлади», — дея Ямалнинг сўзларини The Touchline келтирди.
Жума куни Венсан Компани бошқараётган «Бавария» Бундеслига доирасида Берлиннинг «Унион» клубини 7:0 ҳисобида тор-мор этди.













