«Интер» 2025/26 молиявий йил якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди.
Клубнинг умумий даромади 518 миллион еврони ташкил этди. Бу «Интер» тарихидаги иккинчи энг юқори кўрсаткичдир. Рекорд ўтган мавсумда қайд этилган — ўшанда даромад 567 миллион еврога етган эди.
Ўтган йилги юқори кўрсаткичга клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ва 2025 йилги Чемпионлар лигаси финалига чиқишдан тушган бир марталик даромадлар ҳам катта таъсир кўрсатган.
2025/26 молиявий йилни «Интер» 22,7 миллион евро соф фойда билан якунлади. Бунга юқори даромадлар сақланиб қолиши ва операцион харажатларнинг қарийб 20 миллион еврога, яъни 4 фоизга қисқариши ёрдам берди.
Клубнинг тижорий даромадлари 7 фоизга ошди. Бу асосан Fanatics билан ҳамкорликда жорий этилган янги бизнес-модель ва клуб маҳсулотлари савдосининг ўсиши ҳисобига таъминланган.
Шунингдек, ҳар бир ўйиндан тушадиган даромад ҳам кўпайган. Футболчилар трансфери билан боғлиқ даромадлар 11 миллион еврога ошган, футболчилар ҳуқуқлари бўйича амортизация ва қадрсизланиш харажатлари эса 8 миллион еврога камайган.
Молиявий йил натижалари клубнинг ўз капиталини яна ижобий кўрсаткичга олиб чиқди. Ҳозир бу миқдор 10,4 миллион еврони ташкил этмоқда. 2024/25 молиявий йил якунида эса кўрсаткич минус 12 миллион евро эди.
Қайта молиялаштириш натижасида клубнинг капиталга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам қарийб икки баравар камайди. Бу йўналишдаги харажатлар 19 миллион еврога қисқарган.
2026/27 мавсуми бошида «Интер» BBVA билан янги ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолади. Компания клубнинг расмий банк ҳамкорига айланди. BBVA логотипи асосий жамоа футболкалари енгларида, шунингдек U-18 ва ундан кичик ёш тоифасидаги барча ёшлар жамоалари либосининг олд қисмида жойлаштирилади.













