Англия, Германия, Италия ва Испания чемпионатлари раҳбарияти ФИФА бошқарув тизимини зудлик билан ислоҳ қилишга чақирувчи қўшма баёнот тайёрламоқда.
Sky Sports маълумотига кўра, лигалар вакиллари муҳим масалалар бўйича маслаҳатлашув жараёнини кенгайтиришни талаб қилади. Бу, жумладан, халқаро футбол тақвимини шакллантириш масаласига ҳам тегишли.
Ҳозирча қўшма баёнотда ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг истеъфоси талаб қилиниши ёки йўқлиги маълум эмас.
Аввалроқ, июль ойида Инфантино FIFA Forward Enterprise номли янги компания ташкил этишни таклиф қилгани хабар қилинган эди. Режага кўра, бу тузилма ФИФАнинг асосий эркаклар ва аёллар мусобақаларини назорат қилиши керак эди.
Лойиҳа орқали 4,2 миллиард доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган, аммо ташаббус футбол функционерлари, федерациялар ва турли ташкилотлар томонидан танқид қилинган.
56 ёшли Жанни Инфантино 2016 йил февраль ойидан бери ФИФА президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Кейинчалик у икки марта муқобил номзодсиз қайта сайланган.
ФИФА президентининг навбатдаги сайлови 2027 йил март ойида бўлиб ўтади.













