Якшанба куни Норвегия ва Португалия терма жамоалари Миллатлар лигаси доирасида ўзаро тўқнаш келди.
Учрашув сўнгги дақиқаларида ғалати ҳолат юз берди. Бернарду Силва тўп анча узоқда бўлган пайтда Мартин Эдегорни орқадан атайлаб оёғига тепди. Лондоннинг «Арсенал» клуби сардори бу ҳаракатга кескин муносабат билдирди, ҳакам эса Силвага сариқ карточка кўрсатди.
«Силва ақлдан озди. Мен узатмани амалга ошириб бўлганимдан кейин у мени тепди ва йиқитди. Нима қилаётганини умуман тушунмадим.
Тўпиғим бугун кечқурун аниқ оғрийди, аммо умид қиламанки, яқин кунларда аҳволим яхшиланади.
Бернардуга нима дедим? Бундай гапларни телевидениеда такрорламаган маъқул», — дея Эдегорнинг сўзларини Arsenal Radar келтирди.
Португалия Норвегия майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.













