Футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтказилган навбатдаги халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси бош совринни қўлга киритди. Тошкент халқаро аэропортида ғолиб спортчиларимизни кенг спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олди.
Футбол бўйича Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси 2007 йили Туркияда, 2010 йили Аргентинада ва 2012 йили Россияда ўтган жаҳон чемпионатларида кетма-кет уч маротаба ғолибликни қўлга киритган.
Сухуми шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро турнирда ҳам терма жамоамиз тажриба ва маҳорат, матонат ва жасорат бобида тенгсиз эканини кўрсатди. Финалга қадар барча рақибларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратган спортчиларимиз ҳал қилувчи баҳсда “Ламан-Аз” (Грозний, Россия) жамоаси устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди.
Мусобақада 7та жамоа иштирок этди. Мусобақада учинчи ўринни «Динамо-Алтай» (Барнаул) қўлга киритган бўлса, қолган ўринлар қуйидагича тақсимланди:«Олимпро» (Москва), «Апсни» (Сухуми), «Динамо-Монолит» (Қозон), «Жанубий Осетия» (Цхинвал).
– Мусобақада ғолиб бўлганимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди футбол бўйича Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси сардори, “Жасорат” медали ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Абдужамил Шукуров. – Мазкур турнир терма жамоамиз учун шу йилнинг ноябрь ойида Эронда ўтказиладиган Осиё чемпионатига муҳим тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилди. Қитъа чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритишни ният қилганмиз.