Италия терма жамоаси ҳимоячиси Алессандро Бастони ЖЧ-2026 плей-оффида Босния ва Герцеговинага қарши ўйинда майдондан четлатилганидан кейин ўзини ватандошлари олдида қарздор ҳис қилаётганини тан олди. Шу билан бирга, у Туркияга қарши урган голи жамоанинг оғир вазиятдан чиқишига ёрдам беришидан умидвор.
Италия Бельгияга қарши учрашувдаги (0:2) асосий таркиб билан солиштирганда саккизта ўзгариш амалга оширди ва шундан сўнг Туркияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Бастони ҳам ушбу баҳсда гол урди.
«Кейинги тўрт йил давомида ўзимни Италия халқи олдида қарздор ҳис қиламан. Қийин вазиятларда мен доимо улардан муносиб тарзда чиқишга ва масъулиятни ўз зиммамга олишга ҳаракат қилганман.
Сўнгги йилларда биз тубга тушдик, аммо яна юқорига кўтарилишни хоҳлаймиз. Бу жамоага баҳо беришда фақат холислик ва сабр сўраймиз, чунки таркибимизда ўрганишни истайдиган ёш футболчилар кўп», — деди Бастони RAI Sport нашрига берган интервьюсида.
Туркия устидан қозонилган ғалабадан кейин Италия 3 очко жамғарди ва Бельгия билан тенглашди. Жамоа кейинги учрашувини 6 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган Францияга қарши Парижда ўтказади.













