ФИФА президенти Жанни Инфантино бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
ФИФА раҳбарининг мамлакатимиздаги ташрифи 29–30 сентябрь кунларига мўлжалланган бўлиб, икки кун давомида футбол соҳасидаги қатор лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишлар билан танишиш режалаштирилган.
Тошкентда меҳмонларни спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов кутиб олди.
Ташриф дастурида футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, оммавий футбол қамровини кенгайтириш ва ФИФА билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон футболи тараққиётига хизмат қиладиган янги ташаббуслар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
ФИФА ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси ва ёшлар футболи йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни қайд этиб келмоқда.













