"Атлетик" ва Испания терма жамоаси ҳужумчиси Нико Уильямс соғлиғидаги муаммолар сабаб миллий жамоа йиғинини муддатидан олдин тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Испания футбол федерацияси хабар берди.
Манба маълумотига кўра, футболчи Севильяда Хорватияга қарши ўтказилган учрашувдан кейин чап сонида ноқулайлик ҳис қилган.
Дам олиш куни давомида Испания терма жамоаси тиббий штаби унинг ҳолатини диққат билан кузатди, аммо оғриқ тўхтамади. Натижада Уильямс пайшанба куни миллий жамоа машғулотида иштирок эта олмади.
Испания футбол федерацияси шифокорлари ўтказган батафсил тиббий текширувдан кейин мураббийлар штаби жароҳатни оғирлаштирмаслик мақсадида футболчини жорий йиғин қайдномасидан чиқаришга қарор қилди.
Нико Уильямс энди "Атлетик" ихтиёрига қайтиб, реабилитация ва тикланиш жараёнини давом эттиради.













