"Арсенал" 60 704 томошабинга мўлжалланган "Эмирейтс" стадиони сиғимини ошириш имкониятларини ўрганиб чиққанидан сўнг, уни катта миқёсда кенгайтириш режасидан воз кечди. Бу ҳақда Evening Standard хабар берди.
Клуб энди стадионни босқичма-босқич ривожлантириш ва такомиллаштиришга эътибор қаратишга қарор қилди.
Йирик реконструкция ишлари "Арсенал"ни маълум муддат уй учрашувларини бошқа стадионда ўтказишга мажбур қилиши мумкин эди. Микель Артета қўл остида жамоа муваффақиятли даврни бошдан кечираётган бир пайтда клуб бундай сценарийни мақбул деб ҳисобламаяпти.
Шу боис "Арсенал" энди стадион сиғимини кескин оширишдан кўра, ўйин кунлари мухлислар учун шароит ва таассуротларни яхшилашни устувор вазифа сифатида белгилайди.
Аввал "Clock End" секторида жорий қилинган хавфсиз тик туриб томоша қилиш зоналари келаси мавсумдан "North Bank"нинг айрим қисмларига ҳам кенгайтирилади.
Шунингдек, клуб стадион ичидаги 5G мобил алоқа қамровини яхшилаш устида ишламоқда. Бу борадаги ишлар мавсум якунига қадар сезиларли даражада илгарилаши кутилмоқда.













