Ўзбекистонда клублар футболи мавсумини "куз–баҳор" тизимига ўтказиш масаласи илк бор расман муҳокамага олиб чиқилди.
2 октябрь куни Суперлига ва Про лига клублари раҳбарлари иштирокида Лига Умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий масалалардан ташқари, ички мусобақалар мавсумини ўзгартириш режаси ҳам клублар билан муҳокама қилинди.
Лига таъкидлашича, ҳозирча бу якуний қарор эмас. Мазкур ташаббус масалани кенг ўрганиш ва манфаатдор томонларнинг фикрини олиш учун дастлабки қадам сифатида кун тартибига киритилган.
Бундай форматни кўриб чиқишга ОФК мусобақалари тақвими ҳам сабаб бўлмоқда. Ғарбий Осиёдаги Ўзбекистоннинг асосий рақобатчилари саналган кўплаб мамлакатлар миллий чемпионатларини "куз–баҳор" тизимида ўтказади. Сўнгги йилларда бу тенденция кучайиб, Япония ҳам ички мусобақаларини ушбу форматга ўтказган.
Лига келгусида бу масалани агрономлар ва стадион мутахассислари, тажрибали мураббийлар, ЎФА раҳбарияти, Спорт вазирлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотлар билан муҳокама қилишни режалаштирган.
Дастлабки лойиҳага кўра, ички мусобақалар августнинг иккинчи ярмидан кейин бошланиши мумкин. Биринчи давра декабрнинг дастлабки ўн кунлигига қадар давом этиб, ойнинг қолган қисмида Ўзбекистон кубоги учрашувларини ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Иккинчи давра эса февраль ойининг учинчи декадасидан бошланиши мумкин. Лига фикрича, бу орқали ёз ва қишнинг энг оғир об-ҳаво шароитида ўйинлар ўтказишдан қочиш, мавсумнинг ҳал қилувчи қисмини эса стадион майдонлари оптимал ҳолатда бўлган даврга тўғри келтириш имкони пайдо бўлади.
Форматни ўзгартиришга тайёргарлик жараёни учун ўтиш даври лойиҳаси ҳам тақдим этилган. Унга кўра, март–май ойларида Суперлига ва Про лига клублари учун алоҳида, U-21 жамоалари ва Биринчи лига клублари учун эса бошқа кубок мусобақаси ташкил этилиши мумкин. Ҳар бир иштирокчига камида 8 тадан учрашув кафолатланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, энг муҳим масалалардан бири клубларнинг молиявий-хўжалик фаолияти ҳисобланади. Ҳозирда уларнинг молиявий жараёнлари спорт мавсумига эмас, календарь йилига мослашган. Шу сабабли формат ўзгариши ҳукумат ва тегишли ташкилотлар билан атрофлича муҳокама қилиниши керак бўлади.
Лига биринчи босқичда клубларнинг позициясини ўрганади. Кейинги қарорлар эса мутахассислар ва масъул ташкилотлар билан муҳокамалардан сўнг қабул қилиниши мумкин.














