«Барселона» футболчиси Ламин Ямал Миллатлар лигаси доирасида Чехияга қарши 3:1 ҳисобида якунланган учрашувда Испания терма жамоаси сафида урган навбатдаги голидан сўнг фикр билдирди.
19 ёшли вингер яна ўйин бошидаёқ ўзини кўрсатди. У 6-дақиқада узоқ бурчакка чиройли зарба йўллаб, рақиб дарвозасини ишғол қилди.
«Ҳаммаси яхши, мен жуда хурсандман. Жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоага қайтишни сабрсизлик билан кутгандим. Ҳаммаси худди мен истагандек бўлди. Бу голни севган қизим ва унинг оиласига бағишлайман — бугун улар мени қўллаб-қувватлашди», — дея ёш юлдузнинг сўзларини Испания терма жамоаси матбуот хизмати келтирди.
Ламин Ямал Миллатлар лигасининг жорий мавсумида учта учрашувда 4 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.













