Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 4-6 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи (ҳар йили дунёнинг 10 та давлатида ўтказиладиган) йирик халқаро турнир бўлиб ўтади.
Мукофот жамғармаси 100.000 АҚШ долларини ташкил қилган мазкур нуфузли турнирда дунёнинг 23 давлатидан 190 нафар спортчи 14 вазн тоифасида (еттитадан эркаклар ва аёллар) ғолиблик учун татамида бел олишадилар. Мусобақа қоидасига кўра мезбон давлат ҳар бир вазнда тўрт нафардан спортчи қўйиш хуқуқига эга. Табиийки, бундай имкониятдан терма жамоамиз мураббийлари унумли фойдаланишган ва Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатига 49 нафар спортчини киритишди.
Тошкентда бўлиб ўтадиган Гран-При турнирида 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади. Ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган спортчи 300 рейтинг очкосига, кумуш медал совриндори 180, бронза медали соҳибларига эса 120 тадан рейтинг очколари берилади.
Бугун пойтахтимиздаги “Miran International” меҳмонхонасида турнир мезбонлари ва меҳмонлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. ОАВ ходимлари саволларига Халқаро дзюдо федерацияси вакиллари атрофлича жавоб берар эканлар, Ўзбекистонда ҳар қандай нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказиш учун имкониятлар етарли эканлигини, бу йилги Гран-При турнирига ҳам тайёргарлик жараёнида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
“Хабарингиз бор, кейинги бир йилда терма жамоамизда сезиларли ўзгаришлар бўлди, – дейди Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Армен Богдасаров. - Авлодлар алмашинуви даврида айрим мусобақаларда кўнгилдагидек натижага эришиб бўлмаслиги мумкин. Бу албатта, ўткинчи холат. Ўзингизга маълум, терма жамоанинг биринчи ва иккинчи рақамдаги спортчилари орасида у қадар катта тафовут йўқ. Шу боисдан ҳам ишонч билан айта оламанки, бўлажак мусобақаларда терма жамоамиз натижаси юксалиб бораверади. Терма жамоага маслаҳатчи мураббий сифатида хориждан мутахассис таклиф қилишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, бу ҳам натижаларни янада бўй чўзишига хизмат қилади”.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро дзюдо федерацияси, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур Гран-При турнирининг тантанали очилиш маросими 4 октябрь куни соат 16:30да “Ўзбекистон” спорт саройида бошланади.