Шахмат бўйича Жаҳон тожи учун даъвогар Жавоҳир Синдоров амалдаги чемпион Гукеш Доммаражу ва уларнинг бўлажак баҳси ҳақида ўз фикрларини билдирди.
"Агар Гукешни бир сўз билан таърифлаш керак бўлса, уни "ўта иқтидорли" деган бўлардим. Менинг назаримда, у жуда истеъдодли шахматчи. Учрашув жуда оғир кечади. Гукешда жаҳон чемпионати баҳсида қатнашиш тажрибаси бор, аммо бу баҳс иккаламиз учун ҳам жуда қийин бўлади.
У жуда кучли шахматчи. Сўнгги йилларда унинг ўйини ва ўзига бўлган ишончида айрим муаммолар кузатилди, бироқ агар у ўзининг энг юқори даражасига, мен ҳам ўзимнинг энг юқори даражамга чиқа олсак, жуда қизиқарли ва кескин қарама-қаршиликка гувоҳ бўламиз", деди Синдоров.
Жаҳон тожи учун баҳс шу йилнинг 22 ноябридан 13 декабрига қадар Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади.
Мусобақанинг мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Регламентга кўра, ғолибни аниқлаш учун жами 14 та партия ўйналади ва чемпионлик учун шахматчилардан 7,5 очко жамғариш талаб этилади.
Агар томонлардан бири бу натижага белгиланган ўйинлардан эртароқ эришса, баҳс муддатидан олдин якунланади. Асосий ўйинлар 7:7 ҳисобидаги дуранг билан тугаса, чемпион номи тай-брейкда аниқланади.













