Бенин терма жамоаси ва Жанубий Африканинг юқори дивизионида иштирок этадиган "Крюгер Юнайтед" клуби дарвозабони Марсель Данджину Аргентинага қарши ўртоқлик учрашуви ҳақида фикр билдирди. Ушбу баҳс Лионель Месси учун миллий терма жамоадаги сўнгги ўйин бўлади.
Учрашув 7 октябрь, чоршанба куни Ўзбекистон вақти билан соат 04:00 да бошланади.
— Леонинг футболкасини ким олишини ҳал қилиш учун қуръа ташланадими?
"Агар жамоамиздаги исталган футболчидан сўрасангиз, барчаси унинг футболкасини олишни хоҳлайди. Улар кўплаб футболка тайёрлаб, ҳар бир футболчига биттадан берса, жуда ажойиб бўларди. Чунки футболкани фақат бир киши ола оладиган бўлса, бу осон масала бўлмайди — уни ҳаммамиз хоҳлаймиз!"
— "Монументаль" стадионидаги муҳитдан нимани кутяпсиз?
"У ерда ўйнаш — жуда катта шараф. Бу хотира мен билан бир умрга қолади. Фаолиятим ҳақида гапирар эканман: "Мен ўша ерда эдим — афсонанинг сўнгги ўйинида, Мессининг сўнгги учрашувида", деб айта оламан. Бу ақл бовар қилмас воқеа", — дея Данджинуннинг сўзларини Marca келтирди.













