Лондоннинг «Челси» клуби ярим ҳимоячиси Морган Рожерс янги жамоасидаги фаолияти бошланишини 10 баллик тизимда энг юқори баҳога муносиб деб ҳисоблашини маълум қилди.
Гарчи «Челси» сўнгги учрашувларда барқарор натижалар кўрсата олмаётган бўлса-да, 24 ёшли футболчи ўзининг шахсий ўйини ва жамоага қўшаётган ҳиссасидан тўлиқ мамнун.
Хаби Алонсо бошчилигидаги «Челси» халқаро ўйинлар учун ажратилган танаффусга кетма-кет учта учрашувда ғалаба қозона олмаган ҳолда йўл олди. Лондонликлар айни пайтда Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида 10-ўринни эгаллаб турибди.
Бироқ ёзда «Астон Вилла»дан Британия футболи учун рекорд ҳисобланган 117 миллион фунт стерлинг эвазига харид қилинган Роджерс мавсумни индивидуал жиҳатдан муваффақиятли бошлади.
Футболчи The Standard нашрига берган интервьюсида ўзининг ҳозирги ҳолати ва майдондаги натижалари ҳақида гапирди.
«10 балл. Мен бу даврдан завқ оляпман. Ўзимни фаолиятим давомидаги энг яхши ҳолатда ҳис қиляпман.
Мунтазам майдонга тушяпман, жамоамга фойда келтиряпман, голлар уряпман, голли узатмалар амалга оширяпман ва хавфли вазиятлар яратяпман.
Фаолиятим давомида ҳеч қачон бундан яхшироқ ўйнамаганман. Шундай экан, нега ўзимга 10 балл қўймаслигим керак?» — деди Рожерс.
Маълумот учун, 24 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсумда «Челси» сафида Англия Премьер-лигасининг бешта учрашувида иштирок этиб, учта гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.
Айни пайтда Лондон клубида гол ва голли узатмаларнинг умумий сони бўйича Рожерсдан фақат унинг жамоадоши Жоау Педро яхшироқ натижа қайд этган.













