«Манчестер Юнайтед» келаси ёзда ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида «Ньюкасл» футболчиси Льюис Холлни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Sky Sports журналисти Даниал Ханнинг Transfer Talk Podcast дастурида маълум қилишича, манчестерликлар 2027 йилги ёзги трансферлар даврига тайёргарлик кўрмоқда ва Холл ҳамон клубнинг асосий трансфер мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Менимча, улар ҳозир бутун эътиборини келаси ёзга қаратган. Льюис Холл ҳали ҳам трансфер рўйхатининг энг юқори поғонасида турибди.
Майлз Льюис-Скеллини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. «Манчестер Юнайтед» унга ёзги трансферлар давридан аввал ҳам жиддий қизиқиш билдирган», — деди журналист.
Маълумотларга кўра, «Манчестер Юнайтед» «Манчестер Сити» ҳимоячиси Райан Аит-Нурига ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Манчестерликлар ўтган ёзда Льюис Холлни сотиб олишга уринган, бироқ «Ньюкасл» ўз футболчисини сотишдан бош тортган эди.
Шундан сўнг клуб ҳимоячи билан 2031 йилга қадар амал қиладиган янги шартнома имзолаган.
Transfermarkt портали Холлнинг бозор қийматини тахминан 47 миллион фунт стерлингга баҳоламоқда.
Льюис Холл жорий мавсумда «Ньюкасл» сафида еттита учрашувда иштирок этиб, учта голли ҳаракатда бевосита қатнашди. Шунингдек, у майдонга тушган икки баҳсда жамоаси ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Ҳимоячининг муваффақиятли ўйинлари Англия миллий терма жамоаси мураббийлар штаби эътиборини ҳам тортган.
Хусусан, Холл октябрь ойидаги халқаро ўйинлар учун ажратилган танаффусда Томас Тухель томонидан илк бор Англия миллий терма жамоасига чақирилди.
Шу тариқа, «Манчестер Юнайтед» келаси ёзда Холлнинг трансферини амалга оширишга яна бир бор уриниб кўриши мумкин.













