Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо мураббийлик фаолияти давомида ҳакамлар қарорларидан тез-тез норозилик билдиргани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Португалиялик мутахассиснинг фикрича, ҳакамлик билан боғлиқ можароларга кўп дуч келгани унинг шахсий муносабати билан эмас, балки турли клубларда ишлаган даврида юзага келган вазиятлар билан боғлиқ.
Моуринью Corriere dello Sport нашрига берган интервьюсида «Барселона» атрофидаги «Негрейра иши» ҳамда Туркия футболидаги можароларни мисол қилиб келтирди.
«Ҳакамларми? Менимча, муаммо менда эмас. Шунчаки, муайян клубга ишга келган пайтимда вазият мен учун омадсиз кечади, деб ўйлайман.
Масалан, «Реал»да ишлаган даврим «Негрейра иши» билан боғлиқ муҳим йилларга тўғри келган. Ўша вақтда бу ҳақда ҳеч ким билмасди. Аммо биз бу даврни бошдан кечирдик ва унинг оқибатларидан жабр кўрдик.
Энди эса бу воқеалар ҳақида маълумотлар ошкор бўлди.
Кейинчалик Туркияда ҳам катта можаро юзага келди. Фаолиятим давомида бундай вазиятларга кўп марта дуч келганман», — деди Моуринью.
Маълумот учун, айни пайтда «Барселона»нинг ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра билан молиявий муносабатлари юзасидан тергов жараёни давом этмоқда.
Маълум бўлишича, Каталония клуби узоқ йиллар давомида Негрейрага пул тўлаб келган.
«Барселона» раҳбарияти эса ушбу тўловлар ҳакамлик қарорларига таъсир ўтказиш мақсадида эмас, балки ҳакамлар фаолияти бўйича таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш хизмати учун амалга оширилганини таъкидламоқда.













