"Локомотив" бош мураббийи Мирко Еличич Суперлиганинг 23-тури доирасида бўлиб ўтган учрашув борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Жуда оғир ўйин бўлди. Ҳозир барча жамоалар кураш олиб бормоқда, турнир жадвалининг юқори қисмида ҳам, қуйи қисмида ҳам рақобат кучли. Ўйиндан мамнунман, биз баҳсни назорат қилдик ва тўпни ўзимизда ушлаб турдик. Биргина хато ишни қийинлаштириб юборди. Умуман олганда, ўз ўйинимиздан мамнунман.
— Бугун бешта гол гувоҳи бўлдик. ФИФА кунларидан кейинги илк ўйиндаги футбол сифатига қандай баҳо берасиз? Орада катта танаффус бўлди.
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам катта танаффус бўлди. Бундай пайтларда ўртоқлик учрашувларини ўтказиш мумкин. Бу ҳам нормал ҳолат. Тўпни кўп йўқотганимиз ва айрим вазиятларда хатоларга йўл қўйганимиз майдон сифати билан боғлиқ. Бундай майдонда умуман бошқача услубда футбол ўйнашимиз ҳам мумкин эди. Биз эса жамоани майдон ҳолатига тайёрладик. Бу қийин бўлди.
Бир томондан олиб қарасак, миллий жамоага футболчиларимиз жалб қилинмади. Фақат тўрт нафар ёш футболчимиз турли ёш тоифасидаги терма жамоаларга кетди. Балки миллий жамоага футболчиларимизнинг чақирилмаётгани бизга тайёргарлик кўриш учун яхши имконият бераётгандир. Умуман олганда, танаффусдан кейинги илк ўйинимиз ёмон бўлмади. Энди эса янада кучайиш ҳақида ўйлашимиз керак.
— «Локомотив»га келгунига қадар бир неча бор жароҳат олган Сардор Мирзаев ўзини қандай ҳис қилмоқда? Ушбу мавсумда ҳам жароҳатлар сабаб бир нечта ўйинни ўтказиб юборди.
— Ҳаммаси яхши. У ўзидан юқори даражадаги профессионалликни талаб қилади. Икки йил давомида футболдан четда қолиш жуда қийин. У ҳар томонлама ўзини тиклаб олишга, яна аввалги ҳолатига қайтишга ҳаракат қиляпти. Бу йил жисмоний ҳолатини тиклаш учун катта меҳнат қилмоқда ва бу ўз мевасини беряпти. Ҳа, у энди ёш бола эмас. 35–36 ёшида бундай юқори даражадаги ўйинларда қатнашиш осон эмас.
— Қатор учинчи мавсумда ҳам юқори савияда ўйнаётган ва айни дамда тўпурар бўлиб турган Люпчо Дориев ҳақида нима дейсиз? Мутахассис сифатида унинг ўйинларига қандай баҳо берасиз?
— У жуда юқори даражадаги футболчи. Балки айни дамда Суперлиганинг энг яхши футболчисидир. У тўпни ўзида сақлашни яхши кўради ва кўп вазиятларда хавф туғдирди. Агар у бошқа жамоада ўйнаганида ва унинг учун бўш ҳудудлар очиб берилганида, янада хавфлироқ бўлиши мумкин эди».













