Мюнхеннинг «Бавария» клуби президенти Герберт Хайнер жамоа қанот ҳужумчиси Майкл Олисега Мадриднинг «Реал» клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Хайнернинг таъкидлашича, «Бавария» ҳеч қандай босим остида ўз футболчиларини сотишга мажбур эмас ва трансфер масалаларида мустақил қарор қабул қилади.
«Ишончим комилки, «Бавария» футболчиларини сотишга мажбур бўладиган клуб эмас. Биз барча қарорларни кучли позициядан туриб қабул қиламиз», — деди Хайнер Bild TV телеканалига берган интервьюсида.
Мюнхен клуби президенти Олисeнинг 2029 йилга қадар амал қиладиган шартномасига ҳам тўхталиб, франциялик футболчи жамоада янада узоқроқ қолишига умид билдирди.
«У шартномасини узайтиради, деб умид қиламан», — дея қўшимча қилди Хайнер.
Эслатиб ўтамиз, Майкл Олисе 2024 йилда Англиянинг «Кристал Пэлас» клубидан «Бавария»га ўтган эди. Шундан буён у мюнхенликлар ҳужум чизиғининг асосий футболчиларидан бирига айланди.
«Реал»нинг қизиқиши ҳақидаги хабарларга қарамай, «Бавария» 24 ёшли француз футболчисини ўз сафида сақлаб қолиш ниятида қатъий турибди.













