Мадриднинг «Реал» клуби бельгиялик дарвозабон Тибо Куртуа билан янги шартнома имзолаш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Манба маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги янги келишув яқин вақт ичида расман имзоланиши кутилмоқда.
Куртуанинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзида ўз якунига етади. Янги келишув орқали Мадрид клуби тажрибали дарвозабонни ўз сафида сақлаб қолишни мақсад қилган.
Шу тариқа, бельгиялик футболчи «Реал»даги фаолиятини давом эттиради ва келаси мавсумда ҳам «қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилади.
34 ёшли Куртуа жорий мавсумда Испания Ла Лигасининг 8 та учрашувида майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 8 та гол ўтказиб юборди.
Шунингдек, бельгиялик дарвозабон иккита баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.













