Мюнхеннинг «Бавария» клуби қанот ҳужумчиси Майкл Олисе билан шартномани узайтириш борасида дастлабки ишларни бошлади.
Франциялик футболчининг номи мунтазам равишда Мадриднинг «Реал» клубига эҳтимолий трансфер билан боғланмоқда. Бироқ мюнхенликлар раҳбарияти ўз етакчиларидан бири билан хайрлашиш ниятида эмас.
Журналист Флориан Плеттенбергнинг маълум қилишича, томонлар ўртасида янги шартнома бўйича расмий музокаралар ҳали бошланмаган. Шунга қарамай, «Бавария» вакиллари аллақачон 24 ёшли футболчи билан боғланиб, унинг келажаги юзасидан дастлабки мулоқотни ўтказган.
Клуб раҳбарияти Олисега уни узоқ йиллар давомида жамоа сафида сақлаб қолиш истагида эканини аниқ билдирган.
Қайд этилишича, футболчининг ўзи ҳам «Бавария»ни тарк этишни талаб қилмоқчи эмас.
Эслатиб ўтамиз, Майкл Олисени мюнхенликлар билан боғлаб турган амалдаги шартнома 2029 йилга қадар мўлжалланган.













