Каталониянинг "Барселона" клуби ҳужум чизиғини кучайтириш учун янги номзодни аниқлади.
Бельгиянинг "Брюгге" клуби ҳужумчиси Николо Трезольди Европанинг бир қатор етакчи жамоалари эътиборини тортмоқда.
Бу ҳақда трансферлар бўйича инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 22 ёшли марказий ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишга "Барселона" ва Лондоннинг "Арсенал" клублари қизиқиш билдирмоқда.
Ҳар икки жамоа ҳам Трезольдини келаси мавсум учун трансфер мақсадларидан бири сифатида кўриб чиқиши мумкин.
Италиялик ҳужумчи 2025 йил ёзидан буён "Брюгге" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг Бельгия клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йил июнь ойи охирига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали мутахассислари Трезольдининг ҳозирги бозор қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
Ҳозирча "Барселона" ёки "Арсенал" томонидан футболчи учун расмий таклиф юборилгани ҳақида маълумот берилмаган.













