Туркиянинг «Галатасарой» клуби бош мураббийи ёрдамчиси Исмаэль Гарсия УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида «Барселона»га қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан каталонияликлар салоҳияти ва айрим футболчилари ҳақида фикр билдирди.
Испаниянинг MARCA нашри хабар беришича, мутахассис «Барселона» ва «ПСЖ»ни жорий мавсумда Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишга асосий даъвогарлар қаторига киритган.
Гарсия, шунингдек, «Барселона»нинг бразилиялик ҳужумчиси Рафиньянинг бўлажак учрашувда майдонга тушмаслигини афзал кўришини яширмади.
«Агар у ўйнай олмаса, биз учун шунча яхши», — деди Гарсия.
Мутахассис футбол мухлислари ҳар доим энг кучли ўйинчиларни майдонда кўришни исташини тушунишини таъкидлади. Бироқ унинг учун биринчи навбатда «Галатасарой»нинг ғалаба қозониш имкониятлари муҳим эканини қайд этди.
Шу билан бирга, Гарсия жорий йилги «Олтин тўп» соврини учун кураш ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди. Унинг назарида, бу йил мазкур нуфузли мукофотга «Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн муносиб.
Мураббий «Барселона»нинг ёш иқтидори Ламин Ямалнинг келажагига ҳам катта ишонч билдирди.
Гарсиянинг фикрича, каталонияликлар футболчиси келгусида жаҳоннинг энг кучли ўйинчиларидан бирига айланиб, фаолияти давомида бир неча марта «Олтин тўп»ни қўлга киритиш салоҳиятига эга.













