Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер Жозе Моуриньонинг Мадриднинг "Реал" клубида дуч келаётган қийинчиликлари ҳақида фикр билдирди.
14 октябрь, чоршанба куни "Қироллик клуби" Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 2-турида "Рома"ни сафарда 4:3 ҳисобида мағлуб этди. Мадридликлар учрашувнинг сўнгги дақиқаларида учта гол уриб, мағлубиятни ғалабага айлантиришга муваффақ бўлди.
Каррагернинг фикрича, "Реал"да ишлаш ҳар қандай мураббийдан ўз услуби ва қарашларини клуб талабларига мослаштиришни тақозо этади.
"Ҳар қандай мураббий учун "Реал"да ишлаб, ўз услубига содиқ қолиш қийин. Моуриньонинг ўзига хос тизими бор. У жамоаларининг ўйинини тартибли ва интизомли ташкил этади. Биз буни унинг бутун мураббийлик фаолияти давомида кўрганмиз. Бироқ Мадридда ҳатто у ҳам мавжуд шароитга мослашишга мажбур бўлмоқда.
Мавсумнинг дастлабки ҳафталари "Реал" учун жуда қийин кечмоқда. Жамоа ҳисобда ортда қолаётган вазиятлардан чиқиб кетмоқда, сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетмоқда, аммо унинг ўйини ишончли кўринмаяпти.
Моуриньо бу клубда имкон қадар узоқроқ ишлаш ва, эҳтимол, бирор совринни қўлга киритиш учун бор кучини ишга солиши керак", — дея Каррагернинг сўзларини келтиради Centregoals.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуриньо ўтган ёзда "Реал" бош мураббийи этиб тайинланган эди. Португалиялик мутахассиснинг Мадрид клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилга қадар мўлжалланган.













