Саудия Арабистонидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият 2027 йилги Осиё Кубогининг ўтказилиш муддатига таъсир қилиши мумкин. Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) мусобақани бир йилга кечиктириб, 2028 йилда ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ турнир тақдири бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.
Саудия Арабистони тарихда илк бор футбол бўйича Осиё Кубогига мезбонлик қилади. Бу 2034 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган қироллик учун инфратузилма ва хавфсизлик тизимини синовдан ўтказиш имконияти сифатида ҳам қаралмоқда. 24 та терма жамоа иштирокидаги мусобақа 2027 йил 7 январда бошланиши, учрашувлар Ар-Риёд, Жидда ва Ал-Хобар шаҳарларидаги саккизта стадионда ўтказилиши режалаштирилган.
Бироқ минтақадаги вазият ОФКни эҳтиёт чораларини кўришга ундамоқда. Цюрихда бўлиб ўтаётган FIFA кенгаши йиғилишида қатнашаётган ОФК президенти Салмон бин Иброҳим Ал Халифа мусобақа тақдири ҳақида гапирди:
“Биз ноябрь ойи охиригача кута оламиз. Минтақадаги вазият жуда тез ўзгариши мумкин — ижобий ёки салбий томонга. Ҳозирча вазиятни кузатиб боришимиз керак”, деди ОФК раҳбари журналистлар билан суҳбатда.
Шунингдек, у зарурат туғилса, муқобил режа ишга туширилишини тасдиқлади:
“Агар қатъий қарор қабул қилиш зарурати туғилса, буни албатта амалга оширамиз. Керак бўлса, турнирни 2028 йилга кўчиришимиз ҳам мумкин. Ҳозирча вазиятни кузатиб боряпмиз, барча тайёргарлик ишлари эса режа асосида давом этмоқда”, деди Салмон бин Иброҳим Ал Халифа.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги аввал ҳам мезбон мамлакат билан боғлиқ вазият сабаб бошқа муддатга кўчирилган. Хитой COVID-19 пандемияси давридаги чекловлар туфайли мусобақага мезбонлик қилишдан воз кечгач, 2023 йилга мўлжалланган турнир 2024 йил бошида Қатарда ўтказилган эди. Саудия Арабистонида ўтадиган навбатдаги Осиё Кубоги бўйича якуний қарор эса минтақадаги вазиятнинг кейинги ривожига боғлиқ. Ҳозирча мусобақани 2028 йилга кўчириш фақат эҳтимолий вариант бўлиб қолмоқда.













