"Бавария" ярим ҳимоячиси Йозуа Киммих жамоа бош мураббийи Венсан Компанининг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларига муносабат билдирди.
Бельгиялик мутахассис "РБ Лейпциг"га қарши учрашувдан (6:0) кейинги матбуот анжуманида иштирок этмади. Шунингдек, ўйин давомида ҳам у деярли ўрнидан турмади. Кейинчалик Мюнхен клуби спорт директори Макс Эберль ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Sky журналистлари Киммихдан Компани билан нима содир бўлганини сўрашганида, футболчи шундай жавоб қайтарди:
"Унга нима бўлибди? Мен умуман ҳеч нарсани сезмадим".
Шундан сўнг германиялик ярим ҳимоячи ҳазиллашиб қўшимча қилди:
"Менимча, у шунчаки сизлар билан овора бўлишни истамагандир".
Киммих, шунингдек, Компанининг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларидан ҳақиқатан ҳам бехабар бўлганини таъкидлади.
Айни пайтда "Бавария" 14 очко жамғарган ҳолда Германия Бундеслигаси турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.













