Каталониянинг «Барселона» клуби ҳимоячиси Хави Эспарт фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур Caught Offside нашрига таяниб хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, испаниялик футболчи Англиянинг бир қатор клублари эътиборини тортган. Хусусан, Лондоннинг «Арсенал» ва «Тоттенхэм» жамоалари 19 ёшли ҳимоячининг ўйинларини диққат билан кузатиб бормоқда.
«Барселона» раҳбарияти эса ўз футболчисини арзон нархга қўйиб юбормоқчи эмас. Каталонияликлар Эспартнинг трансфери учун 100 миллион евро талаб қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ёш ҳимоячи яқинда «Барселона» билан амалдаги шартномасини 2030 йилнинг июнь ойи охирига қадар узайтирган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Хави Эспартнинг айни пайтдаги бозор қиймати 25 миллион еврога баҳоланмоқда.













