«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике Париж клуби ҳужумчиси Усмон Дембеленинг ўйинига баҳо бериб, француз футболчисининг тактик савияси ва майдондаги ҳаракатларини юқори баҳолади.
«У энг яхши футбол мактаби — «Барселона»да тарбияланган. Ўйин нуқтаи назаридан у аллақачон ҳамма нарсани биларди. «Барселона»дан келган футболчи менинг футболга бўлган қарашларимга осон мослашади ва барча талабларни жуда яхши тушунади.
Дембеле қачон қанотда кенг ҳаракат қилиш, қачон эса марказга силжиш кераклигини ажойиб даражада билади.
Биз учун ўйинни тушуниш энг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ихтиёрингда бундай тажрибага эга футболчилар бўлса, бу жуда кўп нарсани ўзгартиради.
У пенальтидан фойдалана олмагани учун хафа бўлди. Бу ҳақиқат. Бизда бу борада статистик маълумотлар бор, аммо уларни баҳолаш анча мураккаб.
Жамоамизда пенальти тепа оладиган футболчилар кўп. Шунга қарамай, айнан шу жиҳат бўйича ҳақиқий мутахассис етишмаётганини тан олиш керак.
Витинья, Усмон ва бошқа кўплаб футболчиларимиз пенальтини амалга оширишга қодир», — деди Энрике.
29 ёшли француз ҳужумчиси жорий мавсумда «ПСЖ» сафида жами тўққизта учрашувда майдонга тушиб, тўртта гол урди ва олтита голли узатмани амалга оширди.













