«Арсенал» ва Англия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Жек Уилшир фаолияти давомида қайси футболчига қарши ўйнашни энг кам ёқтирганини маълум қилди.
Англиялик собиқ футболчи шотландиялик Скотт Браунни ўзи учун энг ноқулай рақиб сифатида тилга олди.
«Скотт Браун. Унга қарши унчалик кўп ўйнамаганман. Бир марта “Селтик” сафида ҳаракат қилганида расмий учрашувда, яна бир бор мавсумолди тайёргарлик жараёнида тўқнаш келганмиз.
Унга қарши ўйнаш даҳшатли эди. Англия терма жамоаси сафида ҳам унга қарши майдонга тушганман ва бу жуда ёқимсиз тажриба бўлган.
Ҳатто у сени қаттиқ уришни мақсад қилмаган бўлса ҳам, барибир зарбаси жуда кучли чиқарди», — деди Уилшир The Athletic'нинг YouTube каналига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Скотт Браун 2005–2017 йилларда Шотландия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Клублар миқёсида эса «Хиберниан», «Селтик» ва «Абердин» сафида тўп сурган.
У «Селтик» билан Шотландия чемпионлигини 10 марта қўлга киритган.













