Мадриднинг "Атлетико" клуби бош мураббийи Диего Симеоне Чемпионлар лигасида "Штутгарт"га қарши бўладиган учрашув олдидан рақибнинг ўйин услуби ва имкониятларига баҳо берди.
Аргентиналик мутахассис немис клубининг жисмоний тайёргарлиги, фаол прессинги ва ҳимоядаги ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.
"Бизни жисмоний жиҳатдан кучли жамоага қарши оғир учрашув кутмоқда. Улар рақиб майдонида юқори прессинг қўллашни яхши билишади ва деярли ҳар доим футболчиларни индивидуал тарзда назорат қилишади.
Зарурат туғилганда эса чуқур ҳимояланиб, рақибга бўш ҳудуд қолдирмасликка ҳаракат қилишади", — деди Симеоне матбуот анжуманида.
"Атлетико" устози аввалги натижаларга эмас, балки навбатдаги ўйинга эътибор қаратиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.
"Мен аввал нима бўлганини унутаман, чунки бунинг ҳозир аҳамияти йўқ. Бизни эртага майдонда қандай натижа кўрсатишимизга қараб баҳолашади.
Қаршимизда Чемпионлар лигасини жуда яхши бошлаган жамоа турибди", — қўшимча қилди мураббий.
Эслатиб ўтамиз, "Штутгарт" Чемпионлар лигасининг дастлабки икки турида 6 очко жамғариб, турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
"Атлетико" эса 3 очко билан 15-поғонадан жой олган.
Жамоалар ўртасидаги 3-тур учрашуви 20 октябрь куни бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 21 октябрга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.













