Лондоннинг "Арсенал" клуби ярим ҳимоячиси Мартин Субименди фаолиятини Испания чемпионатида давом эттириши мумкин. Футболчига Ла Лиганинг икки гранди — "Реал Мадрид" ва "Барселона" қизиқиш билдирмоқда.
Teamtalk нашрининг хабар беришича, Испания миллий терма жамоаси аъзоси айни пайтда "Арсенал"да ротация футболчиларидан бири ҳисобланади. Шу боис унинг келажакда бошқа жамоага ўтиш эҳтимоли истисно қилинмаяпти.
Каталония клуби раҳбарияти Субимендини нидерландиялик ярим ҳимоячи Френки де Йонгнинг эҳтимолий ўринбосари сифатида кўрмоқда.
Шу билан бирга, Мадриднинг "Реал" клуби ҳам 27 ёшли испаниялик футболчини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Манба маълумотларига кўра, Субимендининг "қироллик клуби"га ўтиш эҳтимоли "Барселона" вариантига нисбатан юқорироқ баҳоланмоқда.
Transfermarkt портали ярим ҳимоячининг ҳозирги бозор қийматини 65 миллион еврога баҳолаган.
Субимендининг "Арсенал" билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Ҳозирча Испания грандларининг футболчи трансфери бўйича расмий таклиф юборгани ҳақида маълумот йўқ.













