Туркия миллий терма жамоаси бош мураббийлигига маҳаллий мутахассис Серген Ялчин тайинланиши мумкин. Томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичга яқинлашган.
Таниқли инсайдер Николо Скира X ижтимоий тармоғида хабар беришича, Туркия футбол федерацияси Ялчин билан 2030 йилги жаҳон чемпионатига қадар амал қиладиган шартнома имзолашни режалаштирмоқда.
Мутахассиснинг сўнгги иш жойи "Бешикташ" клуби бўлган. У жорий йилнинг май ойида Истанбул жамоасини тарк этган эди.
Ялчин "Бешиктош"даги фаолияти давомида жамоани бир марта Туркия чемпионлигига ва бир марта мамлакат кубоги ғолиблигига олиб чиққан.
Шунингдек, туркиялик мураббий фаолияти давомида "Антальяспор", "Малатьяспор", "Аланьяспор", "Коньяспор", "Эскишеҳирспор", "Кайсериспор", "Газиантепспор" ва "Сивасспор" каби клубларда ҳам ишлаган.
Қизиғи, Николо Скира аввалроқ Туркия терма жамоаси бош мураббийлигига Арда Туран тайинланиши ҳақида хабар тарқатган, аммо кейинчалик ушбу маълумотни ўз саҳифасидан ўчириб ташлаган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия миллий терма жамоасини бунга қадар италиялик мутахассис Винченцо Монтелла бошқариб келган. Қониқарсиз натижалар сабаб федерация у билан ҳамкорликни тўхтатган.













