«Фенербахче» бош мураббийи Исмаил Картал Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-турида «Славия»га қарши ўйинда жамоасининг ҳаракатларига баҳо берди.
Учрашув 20 октябрь куни Истанбулда бўлиб ўтди ва 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Туркия жамоаси иккинчи голни 90-дақиқада ўтказиб юборди.
«Биз ўйинни жуда яхши бошладик ва 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олдик. Йирикроқ ҳисобда ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Футболчилар бор кучларини беришди.
Бизда ҳар қандай жамоага муносиб қаршилик кўрсатиш учун етарли салоҳият бор. Биз жуда қаттиқ курашдик ва айрим вазиятларда жуда яхши ўйнадик.
Сўнгги дақиқада гол ўтказиб юборганимиз ва мухлисларимизни уйларига хурсанд ҳолда кузата олмаганимиздан жуда хафамиз», — дея Карталнинг сўзларини келтиради УЕФА матбуот хизмати.
«Фенербахче» 2 очко билан Чемпионлар лигаси умумий босқичи турнир жадвалида 25-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа мусобақадаги навбатдаги учрашувини 4 ноябрь куни «Ливерпуль»га қарши ўтказади.













