Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ташкилот президенти Жанни Инфантинодан 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин асосий маошидан ташқари қўшимча тўловлар олгани ҳақидаги мақола учун расмий узр сўралганини маълум қилди.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари Инфантино жаҳон чемпионатини ўтказишга масъул ташкилотдан қўшимча тўлов олгани ҳақида хабар тарқатган эди. Таъкидланишича, ушбу тўлов раҳбарнинг асосий маошидан ташқари амалга оширилган ва ташкилотнинг йиллик ҳисоботида акс эттирилмаган.
«2026 йил 13 октябрь куни биз Жанни Инфантино ФИФАдан ташкилот томонидан ошкор қилинмаган “иккинчи маош” олгани ҳақида хабар берган эдик. Бу маълумот нотўғри. Ҳеч қандай “иккинчи маош” бўлмаган.
Амалдаги қоидалар ФИФАдан жаноб Инфантино олган харажатлар ва қоплама тўловларини йиллик ҳисоботга киритишни талаб қилмайди. Чунки улар Швейцариянинг молиявий ҳисобот талабларига мувофиқ “меҳнат ҳақи” ҳисобланмайди.
Шунингдек, биз жаноб Инфантино Майамидаги кўчмас мулкни аввал хабар берганимиздек, тахмин қилинган пасайтирилган нархда сотиб олмаганини ҳам тан оламиз. Бундан ташқари, у ҳам, унинг оила аъзолари ҳам Shadi LLC компаниясининг қонуний ёки бенефициар мулкдорлари эмас ва биз тахмин қилганимиздек, ушбу компания устидан назоратга эга эмаслар.
Биз ушбу тузатишларни киритишдан мамнунмиз ва йўл қўйилган хатолар учун жаноб Инфантино ҳамда ФИФАдан узр сўраймиз», — дея ФИФА The Times нашрининг ижтимоий тармоқлардаги баёнотидан иқтибос келтирди.
Инфантино 2016 йилдан буён ФИФА президенти лавозимини эгаллаб келмоқда. Аввалроқ у 2027 йилда бўлиб ўтадиган ташкилот президентлиги сайловида яна иштирок этиш ниятини маълум қилган эди.













