«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Каррик жамоанинг собиқ устози Эрик тен Хагнинг сўзларига муносабат билдирди. Нидерландиялик мутахассис клуб раҳбарияти уни қўллаб-қувватлаш ва унга содиқ қолиш борасида берган ваъдаларини бузганини таъкидлаган эди.
Тен Хагнинг бошидан кечирганлари унда хавотир уйғотганми, деган саволга Каррик қуйидагича жавоб берди. Унинг сўзларини The Mirror нашри келтирмоқда:
«Бу менга тегишли эмас. Бу Эрикнинг фикри. Мен барча тафсилотларни билмайман ва ушбу вазиятга изоҳ беришни тўғри деб ҳисобламайман, чунки ўша пайтда бу масалага ҳеч қандай алоқам бўлмаган».
Мураббий клуб ичида ишчан муҳит сақланиб қолаётганини таъкидлади. Шунингдек, у раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши борасида қўшимча кафолатларга муҳтож эмаслигини билдирди.













