"Сток Сити"нинг собиқ бош мураббийи Тони Пулис "Манчестер Юнайтед" Майкл Кэррикни жамоа бош мураббийи сифатида қолдириши керак, деб ҳисоблайди.
"Мен Майклни унчалик яхши танимайман, аммо у футболчи сифатида ниҳоятда ҳалол инсон бўлган ва ҳозир ўзи бошқараётган клубда катта ҳурматга ҳақли равишда эга.
Бироқ мен унинг ёрдамчилари — Стив Ҳолланд, Жонни Эванс ва Жонатан Вудгейтни яхшироқ биламан. Уларнинг барчаси энг юқори даражада ишлаш учун зарур билим ва тажрибага эга.
"Манчестер Юнайтед" ғалаба қозона олмаганида, ниманидир ўзгартириш ҳақидаги чақириқлар янграши табиий. Бундай пайтда эса, одатда, биринчи навбатда бош мураббийнинг истеъфоси талаб қилинади.
Хўш, клуб энди нима қилиши керак? Менимча, "Юнайтед" асосий рақибларидан бирининг тажрибасига таяниши ва йўналишни доимий равишда ўзгартириш натижа бермаслигини тушуниши лозим.
Микель Артета 2019 йил декабрида "Арсенал"ни бошқаришни бошлаганида, худди Майкл каби жамоага дарҳол таъсир кўрсатди. Бу ерда чемпионатдаги ўрин ҳақида эмас, балки 2020 йилда Англия Кубогида қозонилган ғалаба ҳақида гап кетмоқда.
Бироқ дастлабки муваффақиятга қарамай, кейинги икки йил давомида натижаларнинг яхшиланиши узоққа чўзилмагани сабабли Артета мухлислар ва оммавий ахборот воситаларининг қаттиқ танқидига учради.
Шунга қарамай, "Арсенал" раҳбарияти ортга чекинмади ва унга клубнинг аниқ қиёфасини шакллантириш, шунингдек, ғояларини амалга ошириш учун вақт берди.
Ҳозир "Арсенал" қайси даражада эканига қаранг.
"Манчестер Юнайтед" ҳам ўз хатоларини тан олиши ва шу йўлдан бориши керак. Клуб трансфер бозорида йўл қўйилган кўплаб хатоларнинг оқибатларини англаб етиши, ривожланиш йўналиши ва ўз қиёфасини қайта белгилаб олиши зарур.
Энг катта муаммо — вақт. Чунки бугун ҳамма дарҳол муваффақиятга эришишни талаб қилмоқда. Аммо шуни тушуниш керак: менимча, Майкл ихтиёридаги таркиб футболчилар жароҳат олмаса, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашишга қодир. Бироқ бу жамоа ҳозирча клуб интилаётган совринларни қўлга киритиш учун етарлича кучли эмас.
Энг юқори совринлар учун яна даъвогар бўлишда фақат иқтидорнинг ўзи кифоя қилмайди. Майдондаги деярли ҳар бир позицияда маҳорат, тезлик ва характерга эга футболчилар бўлиши керак. Аммо ҳозирги вазиятдан бу даражага тезда етиб бориб бўлмайди.
Шу билан бирга, бош мураббийни яна алмаштириш муаммони ҳал қилишга аниқ ёрдам бермайди. Даррен Флетчер номзоди кўриб чиқилмаганидан кейин Майклнинг тайинланишини бошиданоқ қўллаб-қувватлаганман. Камтарона фикримча, клуб ҳозир ҳам унга ишонч билдириши ва зарур ўзгаришларни амалга ошириши учун имконият бериши керак.
Ҳозирги пайтда "Манчестер Юнайтед"ни ким бошқаришидан қатъи назар, жамоа чемпионликни қўлга киритишга қодир эмас. Аммо бу муаммони ҳал қилишнинг йўли — барқарорлик", — деди Пулис.
АПЛнинг етти туридан кейин "Манчестер Юнайтед" 7 очко жамғарган ва турнир жадвалида 15-ўринни эгаллаб турибди.













