Амстердамнинг «Аякс» ва Мюнхеннинг «Бавария» клублари Кениядаги янги миллий стадионнинг очилиш учрашувида майдонга тушади.
Нидерландия клуби расмий сайтининг хабар беришича, баҳс 2027 йил 5 январь куни Найробидаги «Таланта» спорт мажмуасида жойлашган Раила Одинга номидаги халқаро стадионда ўтказилади.
60 минг томошабинга мўлжалланган мазкур арена 2027 йил ёзида бўлиб ўтадиган Африка миллатлар кубоги ўйинларига ҳам мезбонлик қилади.
«Бундай тадбирга таклиф этилганимиз биз учун катта шараф. Германиянинг энг кўп чемпионликни қўлга киритган клубига қарши баҳс мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликда муҳим босқич бўлади», — дейилади «Аякс» баёнотида.
Учрашув ва чипталар савдоси ҳақида батафсил маълумот кейинроқ эълон қилинади.













