Ўзбекистон Суперлигасининг 26-турида «Навбаҳор» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилади. Учрашув олдидан жамоаларнинг ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташлаймиз.
Икки клуб Ўзбекистон чемпионатлари тарихида 59 марта тўқнаш келган. Уларнинг 29 тасида «Навбаҳор», 13 тасида «Андижон» ғалаба қозонган. Қолган 17 та баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати ҳам наманганликлар фойдасига — 84:59.
Ўзаро учрашувларда «Навбаҳор» 104 очко жамғарган бўлса, «Андижон» ҳисобида 56 очко бор.
Намангандаги ўйинларда «Навбаҳор» яққол устун. Жамоалар ўртасида бу шаҳарда ўтказилган 29 та баҳснинг 19 тасида мезбонлар ғалаба қозонган. 9 та ўйин дуранг билан тугаган, андижонликлар эса фақат бир марта, 2021 йилда 1:0 ҳисобида зафар қучган.
Намангандаги учрашувларда тўплар нисбати 58:19 ҳисобида «Навбаҳор» фойдасига.
Жамоалар ўртасидаги энг йирик ғалаба 2004 йилда қайд этилган. Ўшанда «Навбаҳор» рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этган. «Андижон» эса 2001 йилда 4:0, 2010 йилда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Жорий мавсумнинг биринчи даврасида Андижонда ўтказилган учрашув ҳам «Навбаҳор» фойдасига ҳал бўлган. Грузиялик ҳимоячи Гиорги Жгенараянинг 90+6-дақиқада урган голи наманганликларга 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этган.
«Навбаҳор» — «Андижон» учрашуви 31 октябрь куни соат 19:00 да Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги «Марказий» стадионида бошланади.













