Вьетнам терма жамоаси Ўзбекистонга қарши тайёргарликни анча эрта бошлади. Жамоа октябрь ойи бошида Қатарга учиб келди ва у ерда бир ҳафталик йиғин ўтказди. Йиғин давомида Нгуен Ван Си (у яқинда Федерация томонидан тайинланди) шогирдлари Қатар миллий терма жамоаси ва Қатарнинг "Ал-Арабий" клублари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиб, ҳар иккаласида ғалаба қозонишди.
Жамоа иккинчи ўртоқлик ўйини ўтказган куни кечаси (11 октябрь) БААнинг Дубай шаҳрига қараб учди. У ерда 10 соатлик кутишдан кейин делегация Қозоғистоннинг Астана шаҳрига учди ва ундан кейин Тошкентга етиб келди. Мазкур маршрут учун улар деярли 24 соат сарфлашди. Делегация "Миран интернейшнл" меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Бош мураббий 12 октябрь куни Тошкентда ҳеч қандай машғулот ўтказмади, футболчиларга дам берди. 13 октябрь куни "Жар" стадионида ўтказилган машғулот эса нисбатан енгил бўлди. Нгуен Ван Си футболчиларга катта юклама бермади. Тўлақонли машғулот эса бугун "Пахтакор" стадионида ўтказилди. Вьетнамликлар юртимиздаги Вьетнам элчихонаси масъуллари билан ҳам учрашишга улгуришган.
Жамоанинг етакчи ҳужумчиси Конг Винь эса юртимизга бугун эрталаб етиб келди. Япониянинг "Саппоро" клуби футболчиси терма жамоанинг Қатардаги йиғинида иштирок этмади.
Вьетнам матбуотининг ёзишича, жамоа Тошкент об-ҳавоси ва таомлари билан боғлиқ кичик муаммога ҳам дуч келган. Бир суткалик парвоз туфайли айрим футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги 100 фоиз ҳолатида эмас.
Лекин жамоанинг руҳий ҳолати жанговар ҳолатда. Мураббийлар ва футболчилар ўзларига жуда ҳам ишонишмоқда. Улар Тошкентдан 3 очко олиб кетишни режалаштиришган.
Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари ўртасидаги Осиё кубоги саралашининг "Е" гуруҳи баҳси эртага соат 18:00да "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади.