Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Андижон»: Вазифа бажарилди, футболчилар қандай фикрда?

Баҳо:
+ | -

Биринчилик баҳсларининг 13-турида “Шердор” жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этган “Андижон” олий лига йўлланмасини муддатидан аввал ҳал этди. Натижада андижонликлар бир йиллик танаффусдан сўнг олий лигага қайтишди. Айни пайтда “Андижон” клуби лагерида кайфият аъло даражада. Ушбу муваффақиятдан сўнг жамоанинг бир қатор етакчи ўйинчилари ўз фикрларини билдиришди.

Расул РАҲМОНОВ (ярим ҳимоячи):
— Олий лигага чиқишимизни ҳал қиладиган ўйинни узоқ кутгандик. “Шердор”га қарши ўйинга бошқача руҳда тайёргарлик кўргандик. Чунки ғалаба қозонсак, олдимизга қўйилган вазифани бажаришимизни яхши билардик. Нафақат “Шердор”га қарши, балки ҳамма ўйинлар осон ўтгани йўқ. Шу жумладан, бугунги ўйин ҳам қийин кечди. Боиси ҳамма жамоалар бизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Бугун барчамиз ютиб, олий лига йўлланмасини қўлга киритишимизга ишонгандик ва ўйинга шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Худога шукр, мухлисларимизни хурсанд эта олдик.

— Илгари “УзДонгЖу” жамоаси билан ҳам олий лигага чиққансиз. Бу сафар “Андижон” билан йўлланмани қўлга киритдингиз...
— “Андижон” чемпионатимизда ўз тарихига эга бўлган жамоадир. Лекин барибир “Андижон” билан кучлилар сафига қайтиш ҳис-ҳаяжони бошқача бўлди.

— Кейинги мавсумда олий лига “Андижон” учун қандай бўлади деб ўйлайсиз?
— Олий лигага шунчаки қайтмоқчи эмасмиз. Қолаверса, Азамат Абдураимов бу яхши жамоа шакллантирди. Умид қиламанки, келаси йили кучлилар сафида “Андижон” оддий жамоа бўлмайди.

Афзал АЗИЗОВ (ҳимоячи):
— Ҳозир ҳис-ҳаяжон жуда кучли. “Шердор”га қарши баҳс йил бошидан қилган меҳнатларимиз самарасини кўрсатган ўйин бўлди. Албатта, олий лигага чиқиш шараф ва бу йўлда “Андижон”нинг муваффақиятига озми-кўпми ҳиссамни қўшган бўлсам ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Қолаверса, жамоадошларим ҳам йил бошидан муваффақиятга эришишни мақсад қилиб қўйишганди. Чунки олдимизга қўйилган асосий вазифа олий лигага чиқиш эди. Шу боис йўлланмани муддатидан олдин қўлга киритганимиздан жуда хурсандмиз. Агар бугун “Шердор”ни ютадиган бўлсак, чемпионат якунланишига уч тур қолганда вазифани бажаришимизни билгандик. Шунинг учун мана шу ўйиндаёқ барча масалани ҳал этишимизга ишонгандик. Гувоҳи бўлганингиздек, бугун чирой ўйин намойиш этиб 5:1 ҳисобида ғалаба қозондик.

— Мавсум давомида сизлар учун оғир ўтган ўйинлар ҳам бўлдими?
— Бошида мавсумга киришишимиз бироз қийин кечган кўринганди. Аммо 5-6 тур ўтгандан кейин жамоамиз ўз ўйинини топиб олди. Сафарда “Оқтепа”, “Чуст-Пахтакор” ва “Машъал” жамоаларига қарши учрашувлар осон ўтмаганини кўрсатишим мумкин. Айниқса, биринчи лиганинг жуда катта камчилиги деб майдоннинг ҳолатларини айтиб ўтган бўлардим. Масалан, Чуст, Косон ва Самарқанддаги стадионларда майдоннинг ҳолати ёмонлиги учун айрим учрашувларда очко йўқотдик, баъзиларида эса ғалабага қийинчилик билан эришдик. Муҳими, олдимизга қўйилган вазифани уддаладик.

—Олий лигага чиқилгандан кейин энди таркиб ҳам шунга яраша ўзгариши керак деб ҳисоблайсизми?
— Йил бошида элитага қайтиш асосий мақсад қилинган бўлса, ундан ташқари олий лигага жавоб берадиган жамоа шакллантириш ҳам вазифаси қўйилганди. Ўйлайманки, бу йил Андижонда ана шундай жамоа шаклланди.

— Афзал Азизовнинг кейинги мавсумдаги режалари қандай?
— Худога шукр, майдонда яна бир неча йил ўйнашга куч-қувватим етади. Жамоада фахрий футболчилардан бўлсам-да, ҳеч кимдан қолишмасликка ҳаракат қиламан. Демоқчиманки, ҳали бери бутсаларимни михга илиш ниятим йўқ. Албатта, келаси мавсумда олий лигада ҳам “Андижон” жамоасига ёрдамим тегса ўзимни бахтиёр ҳис қиламан.

Баҳром АБДУРАҲИМОВ: (ярим ҳимоячи):
— Айни пайтда жамоада ҳамманинг кайфияти аъло. Шулар қаторида мен ҳам олий лига йўлланмасини ҳал қилганимиздан хурсандман. Бугунги ғалаба ва олдимизга қўйилган вазифани уддалаганимиз йил мобайнида қилган меҳнатимизнинг самараси деб ўйлайман. Асосийси, бир мавсум ичида кучлилар сафига қайтдик.

— Ушбу мавсумда кўрсатаётган ўйинингиздан қай даражада кўнглингиз тўлмоқда?
— Ҳеч бир футболчи ўзининг ўйинидан тўла қониқмайди. Жорий мавсумдаги ўйинимни ўртача баҳолайман. Қолаверса, биринчи лига барибир биринчи лига. Энг асосийси, олий лигада ўзимизни кўрсатишимиз керак. Илгари биринчи лигада ўйнамагандим ва бу мен учун дастлабки мавсум бўлди. Шу боис олий ва биринчи лига ўртасида фарқ борлигини кўрдим. Олий лига билан таққослаганда биринчи лигада тўп суриш қийинроқ экан. Тўғри, биринчи лигада ҳам жамоаларни кучсиз деб бўлмайди. Лекин бошқалардан бир бош устун эканлигимизни намойиш этдик.

Алишер ТЎХТАСИНОВ (ярим ҳимоячи):
— Олий лига вазифасини муддатидан олдин ҳал этиб мухлисларни хурсанд қилдик. Албатта, бунга осонликча эришганимиз йўқ. Йил бошидан мавсумга яхши тайёргарлик кўрганимиз, бир-биримизни тушуниб ўйнаганимиз ҳамда мураббийларни тўғри иш олиб бориши ва албатта қилган меҳнатларимиз эвазига вазифани уддаладик деб ўйлайман. “Шердор” билан ўйиндан олдин олий лига йўлланмасини ҳал этишимизга 90 фоизга ишонгандик. Самарқандликлар устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб мақсадимизга эришдик.

— Шахсан ўзингиз учун мавсум қандай ўтмоқда?
— Ўтган йили олган жароҳатим мавсум бошидаги йиғинларда ўз таъсирини кўрсатганди. Шунинг учун чемпионат бошида ўйинга киришиб кетишга бироз қийналдим. Қолаверса, биринчи лигага мослашиш қийин кечди. Биринчи босқич мен учун кўнгилдагидек ўтгани йўқ. Шунга қарамай ўз устимда астойдил ишлаб яхши формага кирдим. Шу боис иккинчи босқичда ҳаммаси яхши ўтяпти дея оламан. Мисол учун, иккинчи босқичда ҳозиргача ўз ҳисобимга 9та гол ёзиб қўйдим. Дастлабки босқичда эса 3та гол ургандим. - Ҳозирдан олий лигада ўтадиган кейин мавсум ҳақида ўйлаяпсизми? - Олий ва биринчи лига ўртасида катта фарқ борлигини айтишга хожат йўқ. Буни биринчи лигада ўтказган дастлабки мавсумимдаёқ ҳис қилдим. Олий лигада бошқача ўйин кўрсатилади. Шунингдек, ҳар бир жамоанинг ўз ўйин услуби бўлади. Биринчи лигада эса муаммолар кўп. Биринчи навбатда майдонлар муаммосини айтиш мумкин. Албатта, биринчи лигадан қайтгандан кейин кучлилар сафида осон бўлмайди. Олий лигада ўз ўрнимизни топиш учун ҳаммаси қишда қандай тайёргарлик кўришимизга, мураббийлар қандай таркибни тузишларига ва асосийси молиявий масалага боғлиқ бўлади.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 12:11, 15.10.2013.
Ўқилди: 3981 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.