Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида чорак финалчилар номи маълум бўлди.
Эътиборлиси, ушбу босқичга терма жамоамизнинг беш нафар аъзоси етиб келди. Маълумки, чорак финалда ҳам ғалабага эришган спортчилар камида жаҳон чемпионатининг бронза медалларини нақд қилиб қўйишади. Бу йўлда барча боксчиларимизга омад тилаб қоламиз.
Шундай қилиб, 23-24 октябрь кунлари ўтказиладиган чорак финал баҳсларида Жасурбек Латипов (-52 кг), Санжарбек Раҳмонов (-64 кг), Азизбек Абдуғофуров (-75 кг), Ойбек Мамазулунов (-81 кг) ҳамда Рустам Тўлаганов (-91 кг) рингга кўтариладилар.
Бугун ўтказиладиган чорак финал баҳсларида Санжарбек Раҳмонов (-64 кг) мўғилистонлик Эрден Уранчимегга қарши рингга кўтарилса, Азизбек Абдуғофуров (-75 кг) россиялик Артем Чеботарев билан ярим финал йўлланмаси учун баҳс юритади. Оғир вазнли Рустам Тўлагановга ҳам чорак финалда россиялик боксчи Евгений Тишенко рўбаро келади.
Эслатиб ўтамиз, бугунга қадар бўлиб ўтган мусобақалар якунларига кўра Ҳасанбой Дўстматов (-49 кг), Шаҳриёр Исоқов (-56 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-60 кг), Хуршидбек Норматов (-69 кг) ва Мирзоҳиджон Абдуллаев (+91 кг) жаҳон чемпионатидаги иштирокларини якунлашган.