ФИФА расмий сайти ўсмирлар ўртасидаги ЖЧнинг "С" гуруҳи ҳақида таҳлилий мақола чоп этди.
"БААда ўтаётган ЖЧнинг "С" гуруҳидаги вазият олдиндан қилинган тахминлар ўзини оқламагани билан ажралиб турди. Масалан, Марокаш ушбу ёш тоифасидаги мусобақада илк марта қатнашаётганига қарамай, ажойиб ўйин кўрсатди ва гуруҳдаги пешқадамликни ўз қўлига олди. Биринчи ўйинда марокашликлар Хорватияга аламли мағлубиятни (3:1) тақдим этишган бўлса-да, иккинчи баҳсда тартибли Ўзбекистон уларнинг ҳужумларини нейтраллаштира олишди. Панама устидан қозонилган ғалаба (4:2) эса шимолий африкаликларга плей-офф йўлланмасини кафолатлади.
Ўзбекистон, ўз навбатида, мусобақадаги тактик жиҳатдан энг кучли жамоалардан бири бўлмоқда. Ҳар бир ўйинчи ўзига юклатилган вазифани яхши бажаришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбеклар ҳимояда сабр-бардош билан ўйнашмоқда ва ҳужумда эса қатъият намойиш қилишмоқда. ОФК вакилининг Панамага қарши ўйинини (2:0) эсласак ҳам, Марокаш билан баҳсини ёдга олсак ҳам, бу ҳолатнинг яққол гувоҳи бўламиз. Улар ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Хорватияга қарши ўйинда ҳам Ўзбекистон ўйин сўнгида гол киритиб, рақибни бутунлай нокаутга учратди.
Панама эса БААга катти умидлар билан ташриф буюрганди, аммо улар барча ўйинда мағлубият аламини тортишди. Бу жамоа фақатгина учинчи ўйинга келиб рақиб дарвозасини ишғол қила олишди.
Гуруҳдаги якуний вазият
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Марокаш | 3 | 2 | 1 | 0 | 6-2 | 7 |
2 | Ўзбекистон | 3 | 2 | 1 | 0 | 4-1 | 7 |
3 | Хорватия | 3 | 1 | 0 | 2 | 3-5 | 3 |
4 | Панама | 3 | 0 | 0 | 3 | 1-6 | 0 |
Плей-офф ўйинлари
Гондурас - Ўзбекистон (28 октябрь, 21:00, Шаржа)
Марокаш - Кот-д'Ивуар (29 октябрь, 18:00, Фужайра)
Ёдда қолган вазиятлар
Ўзбекистон ва Хорватия ўртасида кечган гуруҳнинг сўнгги турида 1:1 ҳисоби қайд этилаётганди. Ушбу натижа ҳар иккала жамоани қаноатлантирарди ва уларни плей-оффга олиб чиқарди. Ҳисоб тенглашгандан кейин иккинчи бўлимда Хорватия бош мураббийи жароҳатланган Ален Халиловични алмаштиришга қарор қилди. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида эса Жамшид Болтабоев чиройли зарба билан хорватларнинг орзуларига барҳам берди. Ҳакамнинг ўйин якунланганини билдирувчи хуштагидан кейн эса Хорватия футбочлилари плей-оффга чиқиш учун қанчалик яқин келишганини ҳис қилиб, кўзёш тўкишди.
Рақамлар
208 - Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Сарвар Каримов шунча дақиқа давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб турди. Бунга эса Хорватия терма жамоаси сардори Ален Халилович нуқта қўйди.
Иқтибос
"Бу бизнинг ўсмирлар ўртасидаги ЖЧда иккинчи иштирокимиз бўлди. Аввалги иштирокимизда нимчорак финалгача етиб боргандик. Бу сафар эса ундан ҳам яхшироқ натижа қайд этишни режалаштиргандик. Барча ўйинларда мағлубиятга учрашимизни кутмагандим. Лекин мен футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Улар қийин ўйинларда охиригача ҳаракат қилишди. Бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Йигитлар ривожланишда давом этишади. Айни пайтда уларнинг ўйинчи сифатида ўсадиган вақти. Биз ҳали ўрганяпмиз. Ушбу мусобақада эса биз кўп нарсани ўргандик", дейди Панама бош мураббийи Хорхе Вальдес.