Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзбекистон – «Санае Гити Пасанд» - 1:10

Баҳо:
+ | -

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эроннинг «Санае Гити Пасанд» жамоаси ўртасида кечган иккинчи назорат учрашуви рақибнинг йирик ғалабаси билан якунига етди.

«Санае Гити Пасанд» клуби ташкил этилганига кўп бўлмаган. 2010 йилда тузилган жамоа ўтган қисқа давр мобайнида бир марта (2012/2013 йилги мавсум якунига кўра) Эрон чемпионлигини, 2010/2011 ва 2011/2012 йилги мавсумларда эса вице-чемпионликни қўлга киритган. 2012 йилги клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида эса жамоа ўз байроғини бутун қитъа бўйлаб ҳилпиратган бўлса, орадан бир йил ўтиб фақат финалда имкониятни бой берди.

Жамоа таркибидаги ўйинчилар ҳақида улар қўлга киритган жамоавий ютуқлардан ташқари, индивидуал натижалар ҳам дарак беради: Муҳаммад Кешаварз 2011 йилги Осиёнинг энг яхши футзалчиси, 2012 йилги клублар ўртасидаги Осиё чемпионатининг энг фойдали ўйинчиси, 2012 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси сардори; Аҳмад Исмоилпур 2012/2013 йилги мавсум Эрон чемпионати ва 2012 йилги клублар ўртасидаги Осиё чемпионати энг яхши тўпурари. Клубнинг қатор футболчилари, Муҳаммад Кешаварз ва Аҳмад Исмоилпурдан ташқари, Афшин Козимий ва Ҳусайн Тойибий 2012 йилги жаҳон чемпионати баҳсларида иштирок этган.

Ўзбекистонга 25 октябрь куни етиб келган «Санае Гити Пасанд» ўйинчилари 26 октябрь куни илк назорат ўйинини «Бунёдкор»га қарши ўтказиб, 11:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. 28 октябрь куни эса Ўзбекистон футзал терма жамоасига қарши дастлабки назорат ўйини ўтказилди ва қизиқарли кечган баҳс 2:3 ҳисобида Ўзбекистон футзал терма жамоаси мағлубияти билан якунига етган эди. 5-7 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Осиё чемпионати-2014 саралаш баҳсларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон футзал терма жамоаси иккинчи учрашувда асосан ёш номзодларни синаб кўрди. Нисбатан кучли рақибга қарши учрашувда ушбу қарор ўзини кўп ҳам оқламади.

Учрашувда ҳисоб 3-дақиқада Осиёнинг 2011 йилдаги энг яхши футзалчиси – Муҳаммад Кешаварз томонидан очилди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас, Саид Тоқизоданинг марказдан йўллаган зарбага ўхшамаган зарбаси Жавлон Аноровнинг оёғидан Тўйчи Бердиев дарвозасига бориб тушди. Орадан яна бир дақиқа ўтиб клублар ўртасидаги 2012 йилги Осиё чемпионати тўпурари Ўзбекистон футзал терма жамоаси дарвозасига учинчи голни урди.

Ўзбекистонлик футзалчилар ўйин бошидаёқ учта гол ўтказиб юборганликларига қарамай, умуман олганда, бутун биринчи бўлим давомида рақибга қарши тенгма-тенг ўйин намойиш этишди. Сепаҳр Муҳаммадий дарвозаси олдида қатор хавфли вазиятлар содир этилди, бироқ ўзбекистонлик футзалчиларга баъзи вазиятларда аниқлик, баъзиларида совуққонлик, яна бошқасида эса бирозгина тезкорлик етишмади.

Тайм боши каби, унинг сўнгги тўрт дақиқаси ҳам голларга бой бўлди. Дастлаб, 16-дақиқада «Санае Гити Пасанд»нинг яна бир чиройли комбинациясини Аҳмад Исмоилпур бильярд шарини лузага туширгандек якунлаган бўлса, 18-дақиқада Маҳди Жавид Ўзбекистон футзал терма жамоаси дарвозасига бешинчи голни урди. Бу вазиятда Ўзбекистон термаси етакчиларидан бири Дилшод Раҳматов ҳимояда қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни рақибига олдириб қўйди.

Баҳодир Аҳмедов шогирдлари фақат тайм сўнгида ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Майдонга Муҳаммад Кешаварзни дарвозабон ўрнига бешинчи ўйинчи сифатида туширилганидан фойдаланган Жавлон Аноров, рақиб ҳужуми вақтида тўпни эгаллаб олиб, тезкорлик билан «Санае Гити Пасанд»нинг бўш қолган дарвозасини аниқ нишонга олди. Шунингдек, тайм охирида «Когон»дан чақирилган дарвозабон Тўйчи Бердиев ҳам Эрон чемпионининг дарвозасига гол урганлар қаторига ўз номини ёзиб қўйиши мумкин эди, бироқ унинг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Иккинчи таймни Ўзбекистон футзал терма жамоаси ишончли бошлади. Дастлаб Муҳаммад Кешаварз икки марта Бердиев дарвозасини нишонга олишга ҳаракат қилганига қарамай, 22-дақиқада Даврон Чориевнинг йўллаган зарбаси ҳаммасидан хавфлироқ чиқди – тўп ҳимоячилар ва дарвозабондан ҳам ўтиб, устунга тегиб қайтди. Эрон клуби дарвозаси олдида юзага келган кейинги хавфли вазиятда эса Сепаҳр Муҳаммадий ўзини кўрсатиб, тўпни эгаллаб олди. Кейинги дақиқалар давомида Артур Юнусов, Мақсуд Файзуллаев, Александр Картаузов, Жавлон Аноров, шунингдек, Артур Юнусов билан биргаликда ажойиб комбинация ташкил этган Дилшод Раҳматовнинг зарбалари йўлига Муҳаммадий тўғаноқ бўлди. Аксинча, «Санае Гити Пасанд»нинг бешта қарши ҳужуми мувафақиятли якунига етди.

Назорат учрашуви
29 октябрь, сешанба
Ўзбекистон – «Санае Гити Пасанд» (Эрон) 1:10 (1:5)
Голлар: Жавлон Аноров (19) – Муҳаммад Кешаварз (3), Саид Тоқизода (5), Аҳмад Исмоилпур (6, 16), Маҳди Жавид (18, 37), Сажад Банди Саъдий (27, 39), Муҳаммад Тоҳирий (28), Мажид Тикдаринажод (33).

Манба: www.ufa.uz
Киритилди: 16:44, 29.10.2013.
Ўқилди: 5819 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.